//ЕТТИ ҚИЗ FОРИ Ёхуд ундаги ҳикмат

ЕТТИ ҚИЗ FОРИ Ёхуд ундаги ҳикмат

Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудлари – Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, қисман Чироқчи туманларига яқинлашар экансиз узоқдан ҳайбатини кўз-кўз қилаётган тоғларни кўриб ҳайратингиз ошади. Бу азим тоғлар бағрида қанчадан-қанча синоатлар яширин эканлиги хаёлингиздан ўтган онларда сирли бир маъвога, аллақандай афсонавий ўлкага қадам қўяётган бўласиз гўё… Китоб туманининг Тахтиқорача довони, Қайнар қишлоғи ҳам тоғлар қўйнида жойлашган ажиб маскан. Қишлоқ ҳудудидаги булоқлару табиат манзараларини кўриб кўзингиз қувнайди. Айнан мана шу ерда яна бир сирли жой бор. У ҳақда кимдир эшитган, кимдир эса йўқ… Бу жой Етти қиз ғоридир. Баланд тоғ ёнбағрида, аҳоли турар манзилидан тахминан 2-3 километр узоқликдаги тик қоя бағрида жойлашган бу ғор ҳақида бугун сизга ҳикоя қиламиз.

 

АФСОНАНИНГ ТУҒИЛИШИ

Бизга йўлбошчилик қилган Ибодулла Кенжаевнинг ёши 60 дан ошган бўлса-да, тетик. Машиналар тўхтаган жойдан тоғ томон нигоҳ ташлади-да: “Ҳув ўша қуюқ дарахтлар орасида қолган ғор. Авваллари қорайиб кўриниб турарди”, -деди. Биз ғорга боришга тараддуд кўра бошладик.  Йўл-йўлакай Ибодулла Кенжаевни саволга тутдик.

Эмишки, қайсидир замонда юртни ёв босибди. Ёшу қари, эркагу аёлни қиличдан ўтказибди. Шунда қишлоқнинг етти қизи тоғ томон қочибди. Улар орасида ёш, эмизикли болали  аёл ҳам бор экан. Таъқиб давом этаверибди. Қизлар тобора чўққи томон чиқаверибдилар. Охир-оқибатда душман уларга етишига бир баҳя қолганида қизлар Аллоҳга нола қилишибди: “Эй Аллоҳ, бизни бу балодан қутқар!” Шунда Яратганнинг қудрати билан мана шу Етти қиз ғорининг оғзи очилган экан. Ғорга кирган еттовлон эса изсиз ғойиб бўлган… Ғор ичида аёл қоматига монанд тош устунлар бор. Уларнинг сийнасидан сув томчилаб туради. Бир жойда эса жажжи гўдакнинг оёқ излари тош қотган.

Mavzuga doir  STIR berish va boshqa talab yuqori xizmatlar 1-sentyabrdan barcha DXMlarda ko‘rsatiladi

 

ЙЎЛДА…

Йўлда Ибодулла акага савол бердик.

-Етти қиз ғорига неча марта боргансиз?

Йўлбошчи бир муддат тўхтади-да, сўнг “Элликдан ошиқ чиқаров”,-деб жавоб қайтарди. Ибодулла аканинг ҳикоя қилишича ёшлигида бу ғорга кўп маротаба чиққан. Бир-икки саргузаштталаблар билан ғор ичига саёҳат ҳам уюштирган.

-Ғорнинг оғзи катта, бироқ бироз юргач, йўл тораяди. Торгина тешикдан ўтгач кенг “зал”га чиқилади. Баҳор пайтлари бу майдоннинг ўртасида мўъжазгина кўл ҳам пайдо бўлади. Ундан сўнг яна йўл тораяди. Кейин кичикроқ “бўлма”… Сўнг ғор йўлак каби давом этади. Аммо ҳозирда йўллар бекилган бўлса керак. Кирмаганимга кўп бўлди,-деди Ибодулла ака.

Биз даставвал сой бўйлаб юрдик. Сўқмоқ йўл… Суҳбатлашиб анча юриб қўйдик. Йўл тиклашгач, Ибодулла ака узр сўради “Энди биз мана шу дўлана  соясида қоламиз. Уёғига чиқолмайман”. Биз энди буёғига ўзимиз ўзимизга йўлбошчи бўлдик. Пастдан қараган кишига ғор худди ёнингизда тургандек. Аммо йўл ростдан ҳам ҳийлагина тик ва машаққатли. Сой бўйлаб катта-катта тошлар (Ибодулла аканинг айтишича баҳорда кучли сел бу тошларни юқоридан олиб тушган), дарахтлар, илдизлар худди чирмовуқдек йўлни тўсган. Оёқ остида эса майин тупроқ… Эҳтиётлаб қадам ташламасангиз то-йиб кетиш ҳеч гап эмас. Баландлашган сари кишини аллақандай ҳаяжон босаркан. Қулайроқ жойлашиб олиб ортга – пастга назар ташладим. Қайнар қишлоғи кафтдек бўлиб қолган, яккам-дуккамда Тахтиқорача довонидан тепага ўрлаб бораётган машиналарнинг ойналари ялтирайди. Тоғлар маҳобати эса янада ошгандек… Менда иккиланиш пайдо бўлди. Қайтсаммикин. Шундай қўл узатгудек жойда Етти қиз ғори кўринди. Чиқишга қарор қилдим. Аммо бу осон эмасди…

Ғорга яқин жойда ўтлар ҳали ям-яшил. Дарахтлар ва тошларни мохлар кўрпа мисол қоплаган. Демак, ичкаридан нам ҳаво чиқади. Ғорнинг оғзи эса салкам 3 метр келади. Ҳамроҳларимни кутишга қарор қилдим. Чунки, биринчи марта ёлғиз келган одамни ғорнинг олдида суст  босади. Ҳамроҳларим етиб келгач биргаликда ғорга кирдик. Ғор ростдан ҳам йўлбошчи айтганидек даставвал кенг, сўнг эса торайиб кичкина тешикка айланган. Тешикнинг нариги томони эса қоп-қоронғу… Қўл телефонларимизнинг чироғи ҳам, гурурт ҳам иш бермади. Ибодулла аканинг “Эсиз, ёриткич олмабмиз. Усиз бу ерга кириб бўлмайди”,-деган сўзи ёдимизга тушди. Афсусландик. Бироқ хурсанд ҳам бўлдик. Чунки, шу ергача келишнинг ўзи ҳам катта гап.

Mavzuga doir  ҚИРҚҚИЗ

 

“ҚЎШНИ” ҒОР…

 

Ибодулла ака Етти қиз ғоридан унча узоқ бўлмаган жойда яна бир ғор борлигини айтган, кўрсатган эди. Бу ғор оғзини дарахтлар тўсмаган, қоятошлар орасидан қорайиб кўриниб турарди. Йўлбошчининг айтишича унинг туби йўқ… Ибодулла ака ёшлик пайтларида тенгдошлари билан ғорнинг тубига етишга аҳд қилишади. Бироқ… тахминан 200 метрлар юргач турли ҳашаротлар, учувчи маҳлуқлар (кўршапалак, тунги қушлар ва бошқалар) безовта бўлишиб саёҳатчиларнинг сафарни калта қилишига сабаб бўлган экан. Аммо Ибодулла аканинг айтишича ғор тоғнинг нариги чеккаси– Макрид томондаги оғзига туташган.

Ғордан қайтар эканмиз, тушиш чиқишдан ҳам машаққатли эканлигини ҳис этдик. Оёқ остида омонат тупроқ, ҳар ер-ҳар ерда ўткир, тиғли, синган тошлар. Баҳорги селдан “эсдалик” бу тошларга авайлаб қадам қўймасангиз мувозанатингизни йўқотишингиз ҳеч гап эмас. Йўл-йўлакай  бот-бот тўхтаб, тепага назар ташлайман. Ғор яна қуюқ дарахтлар ортига беркинган, йўл эса ҳамон тик ва хавфли. Шунда ўйлаб қолдим. Биз оёғимизда қулай пойабзал, турли ёрдамчи буюмлар билан чиқишга бир соатдан кўпроқ вақт сарфладик, ўша пайт-да тоғ чўққисига интилган етти қиз қандай қилиб бу йўлни босиб ўтди экан? Уларнинг нозик жуссаларида бунчалик куч қаердан пайдо бўлди? Сўнг ўз номусини, орини сақлаш учун ҳар бир ўзбек қизи шундай қилган бўларди ва шубҳасиз уларни бу йўлда ҳеч қандай тўсиқ тўхтатиб қола олмасди деган хулосага келдим. Ростдан ҳам бугун асрдан-асрга ўтиб келаётган етти қиз афсонаси ҳар биримизни ҳушёрликка даъват этаётгандек… Мен ғоргача бўлган бу йўлдан, ғор ичидаги ҳар бир тошдан ҳикмат туйдим. Ўзлигимизни, ўзбеклигимизни англатувчи, эслатувчи, уқтирувчи ишоралар, имолар жуда кўп бу ерда.

Mavzuga doir  Shavkat Mirziyoyev o‘qituvchilarning nufuzini oshirishni asosiy vazifa qilib qo‘ydi

Аста-секин пастга энар эканмиз, гўёки сеҳрли оламдан узилиб қолаётгандек сездим ўзимни. Ортга қайта-қайта қарадим. Ҳамон қуюқ дарахтлар орасида ўша етти қизга паноҳ бўлган ғор ҳикмат сўзлаб тургандек бўлди гўё…

 

ЯНА ҚАЙТАМИЗ…

 

Машинага ўтириб тоғнинг нотекис йўлларидан чайқалганча ортга қайтар эканмиз Ибодулла аканинг сўзларини эсладим: “Китобда ғорлар, Етти қиз ғори каби сирли, ўрганилмаган масканлар кўп. Яна келинг, уларга ҳам борамиз. Таассуротингиз бундан ҳам бой бўлади”. Демак, биз яна қайтамиз… Тоғлар бағрига, сир-синоат тўла масканга…

P/S. Июнь ойининг бошларида Китоб туманининг тоғлар бағрида жойлашган Ҳасантепа қишлоғида тўйда бўлдик. Бу қишлоқ тахминан ўша Қўрғонтоғнинг нариги томонида жойлашган. Бутун қишлоқ 3 километр юқоридан оқадиган булоқдан сув ичар экан. Қишлоқ ўртасидаги булоқ ирмоқчасига разм солар эканман, сув тубидаги қумда майда заррачалар жимирлаётганини кўриб қолдим. Олтин заррачалари… Заррачалар кафтимга олган қумда ҳам беҳисоб… Демак, бу азим тоғлар ўз бағрига не-не сирларни пинҳон тутмаган дейсиз. Улар ҳали ўрганилмаган, кашф этилмаган.

 

Баҳодир МУСАЕВ,