//ТОШДАГИ СИР-СИНОАТ ЁКИ ШИФОБАХШ «КЎКТОШ» ҲАҚИДА

ТОШДАГИ СИР-СИНОАТ ЁКИ ШИФОБАХШ «КЎКТОШ» ҲАҚИДА

Азизбек НОРОВ

 Тош. Бу сўзни эшитганимизда кўча-кўйда ётган кераксиз бир буюм хаёлимизга келади. Аммо бу жисм ҳаётимизга, яшаш тарзимизга шунчалик чуқур кириб борганки, буни баъзида англамаймиз ҳам. Аслида инсоният тараққиётидаги энг қадимий давр – тош давридир. Бу даврда аждодларимиз меҳнат қуроллари ва қурол-яроғларни, мунчоқларни, идишларни асосан тошдан ясашган. Табиий тошлар жуда кўп тарқалган ўлкаларда тош асосий қурилиш материали бўлган. Кейинчалик цивилизация ривожланишига мутаносиб равишда инсонлар тошнинг бошқа хусусиятларини ўрганиб, унинг беқиёс имкониятларини турли хил соҳаларда кенг қўллай бошлади. Ана шундай соҳалардан бири тош ўймакорлик тури (сангтарошлик), амалий санъатнинг кенг тарқалган жабҳаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, қимматбаҳо тошлар жаҳондаги деярли ҳамма халқларда безак буюмлари тайёрлашда ишлатилади. Марказий осиёлик ўймакор усталар қадимдан минерал ва тоғ жинсларининг хоссалари, ишлаш усулларини яхши билишган. Ҳозирги замонда эса тош ўймакорлигининг асосий қисми механизациялашган.

Ўзбекистон табиати турли-туман тошларга бой. Аммо географик шароит сабабли қурилиш материали сифатида меъморчиликда тошдан кам фойдаланилган, жонли мавжудотларнинг шаклларини ишлаш-ҳайкалтарошлик ҳам унчалик даражада тараққий этмаган.

Тош … бир қарашда бу қаттиқ жисм қўпол нарсадек туюлади. Бироқ тошлар шифобахш хусусиятга эга эканлиги билан ҳам кишининг эътиборини тортади. Вилоятимиз ҳудудида кўплаб “Кўктош ота”, “Кўктош” номи билан аталувчи зиёратгоҳлар мавжуд. Уларнинг ёши ҳам турли хил. Аммо уларни бир жиҳат-шифобахшлиги бир-бири билан боғлаб туради.

Яккабоғ тумани, Қозоёқли қишлоғининг қабристонида жойлашган “Кўктош” ҳам қадимий тошлар сирасига киради. Қабристонга кираверишда жойлашган ушбу қадимий тошга эски араб ёзувида битилган аниқ ва тиниқ ёзувлар, нақш ҳамда безаклар дарҳол кишининг эътиборини тортади. Энг ажабланарлиси, узоқ ўтмишга тааллуқли “Кўктош” бус-бутун ҳолида, ёзувларининг тиниқлиги, шакли ҳам деярли яхши сақланиб қолган эди. Ушбу қадимий тошга доир маълумотлар билан танишиш мақсадида қишлоқнинг кайвонилари, кекса  кишилари билан мулоқотда бўлдик.

Mavzuga doir  STIR berish va boshqa talab yuqori xizmatlar 1-sentyabrdan barcha DXMlarda ko‘rsatiladi

– “Кўктош” жуда қадимдан буён қишлоғимизда, – дейди 90 ёшли шу қишлоқлик собиқ тарих муаллими Шоҳимардон бобо Қувондиқов. – Ёшлик йилларимизда ҳам ушбу тошга кўзимиз тушардию, бироқ унда битилган ёзув нима тўғрисида эканлигини билмасдик. Бир йили эски араб ёзувини ўқий оладиган ён қишлоқлик Саид бобо деган бир қори қадимий тошда битилган ёзувни ўқиб кўрди. Унинг айтишича, қадимий тошда бир катта мулк эгаси бўлган зот сафар қилаётган чоғда унинг 12-13 ёшлар атрофидаги қизи мана шу қишлоқда вафот этган эмиш. Аммо ўша зот кимлиги, қандай мартаба эгаси эканлиги ёзувда битилмаган экан. Аммо бу жуда қадим замонга тааллуқли тош эканлигини таъкидлаганди.

Бўйи қарийб икки метрдан ошиқ, эни эса 50 сантиметрлар атрофидаги “Кўктош”нинг қоқ марказида эски араб ёзувида йирик-йирик ҳарфлар билан сўзлар битилган. Ушбу ёзувларни эса майда ҳажмдаги битиклар ўраб олган. Тошнинг энг юқори қисмига ҳам кичик ҳажмдаги ёзувлар битилган. Айниқса, йирик-йирик ҳарфларда битилган ёзувларнинг атрофини шунақанги нафис нақш ва безаклар, турли гулларнинг шакллари эгаллаб олганки, бу безаклар ёзувлар билан уйғунлашиб, ажиб гўзалликни яратган. “Кўктош”га боққан киши уни моҳир ўймакор уста яратганига шубҳа қилмайди. Шундан келиб чиқиб, ушбу қадимий қабртошни қўйишга оддий инсонларнинг қурби етмаслигини фаҳмлайсиз. Демакки, бу тошни катта мулк эгаси бўлган бир зот қўйдирган.

Mavzuga doir  Endi STIRni Davlat xizmatlari ko'rsatish markazidan olish mumkin

Ўймакор усталар қадимдан тошларга зеб бериш учун тошнинг нефрит, лазурит, малахит, мармар ва яшна каби турларидан кенг фойдаланган. Аммо бу тош қайси тош туридан ясалганини аниқлаш мушкул. Бироқ синчковлик билан кузатсангиз, ўймакор уста мармар тош ёхуд шу тош турига яқин тошдан фойдаланганига гувоҳ бўласиз. Бироқ нега бу қадимий тошни “Кўктош” деб аташаркин? Ушбу тош эса оқ рангда эди. Балким замон, йиллар, табиат бу тошнинг сифати, гўзаллигига измини ўтказа олмаган бўлса-да, унинг ранггига ўз таъсирини кўрсатгандир. “Кўктош” … кўкйўтал ва кўпгина касалликларни тузатишга қодир. Айниқса, кўпчилик шу масканга кўкйўтал касали билан оғриб, ташриф буюради. Маълум вақтдан сўнг эса дардидан фориғ бўлади. Шу топда хаёлимизга бир фикр келади, эҳтимол шу тошқабрга қўйилган ўша 12-13 ёшлар атрофидаги қизча кўкйўтал касалига чалиниб вафот этгандир. Шунда ақл жиҳатидан энг етук бўлган кишилар ҳам ишлатишга эҳтиёж сезган сўзни тилга оламиз: “Яна билмадик”.

– “Кўктош” жойлашган бу қабристон илгари ёш болаларнинг қабри бўлган, – дейди тарих фани ўқитувчиси Азамат Қувондиқов. – Орадан кўп йиллар ўтиб дин пешволарининг ижозати ва маслаҳати билан ушбу қабристонга катта ёшдаги вафот этган кишилар ҳам қўйила бошлаган. Тошнинг шифобахш хусусияти кўпчиликка аён, шу тош сабабли дардидан фориғ бўлган инсонлар ҳам буни тасдиқлайди. Асосан кўкйўтал, сўгал каби касалга чалинган кишилар аввало “Кўктош”га сув қуяди, сўнг эса ушбу сувни истеъмол қилади. Қарабсизки, бироз фурсатдан кейин тузалиб кетасиз. Аммо бунинг сабаби нимада эканлиги маълум эмас. Эҳтимол бунинг барчасига кишининг ихлоси сабабдир. Бундан бир неча йил муқаддам, шу қишлоқ зиёлиларидан бўлган Равшан ака Бекмуродовнинг ташаббуси билан “Кўктош” жойлашган ер айлана шаклида бетонланиб, қадимий тош бўйи 30-35 сантиметрлар бўлган устунга қўйилди. Тошнинг юқори қисмига уч устун ушлаб турган гумбаз, гумбазнинг юқори қисмига эса ярим ой шакли ўрнатилди. Энди эса “Кўктош” гувоҳи бўлганингиздек, ажойиб қиёфа касб этган.

Mavzuga doir  ЧЎЛ ҚЎЙНИДА ТАБАРРУК ҚАДАМЖО

Дунёда инсон соғлиғига ижобий таъсир кўрсатадиган шифобахш тошлар кўплаб учрайди. Бунга сабаб уларнинг таркибида фойдали элементларнинг борлигидир. “Кўктош”нинг шифобахшлигига ҳам қандайдир сабаб бор, албатта. Эҳтимол, бу тошнинг таркибида инсон организмига наф келтирадиган хусусият бордир. Албатта, бу фикрларнинг барчаси таҳмин холос. Шу боисдан, барча даврларда бўлгани каби биз ҳам бу синоатни оламнинг сирлар хазинасига жойлаб турамиз.

 

 

 

В.в.б. Ахмедов А.