//ЧЎЛ ҚЎЙНИДА ТАБАРРУК ҚАДАМЖО

ЧЎЛ ҚЎЙНИДА ТАБАРРУК ҚАДАМЖО

Юртимиз ислом оламига не-не буюк зотларни етиштириб бергани билан ҳам оламга маълуму машҳурдир. Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Теримизий, Мотурудий сингари илм султонлари сафини санаб саноғига етиб бўлмайди. Бугунги кунда улар яратиб қолдирган маънавий жавоҳирлар, ул зоти бобарокотларнинг қабрлари, қадамжолари, қурдирган мақбаралари, қилган ишлари не чоғлик қадр топаётганини халқимиз кўриб-билиб турибди. Ҳатто чет эллик сайёҳлар ҳам бу улуғ зотларнинг қабрларини, қадамжоларини  ҳаяжон билан зиёрат қилишиб, уларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромга гувоҳ бўлишмоқда.

Худди шунингдек, ана шундай табаррук жойлардан бири – Қашқадарё вилоятининг чегара ҳудуди бўлган Помуқ қишлоғининг чўл қўйнида жойлашган «Исҳоқ ота» зиёратгоҳи бўлиб, бу машҳур валилуллоҳ авлиёнинг қадамжолари-ни нафақат ўзбек, туркман, араб, тожик миллатига мансуб юртдошларимиз ва диндошларимиз, балки хорижликлар ҳам тез-тез тавоф қилиб туришади.

Исҳоқ ота ҳам буюк зотлардан бири бўлиб, у киши шаҳид этилган жойларида тикланган мақбаралари тарихимизнинг ноёб ёдгорлиги сифатида аждодларимиз-нинг бетакрор турмуш маданиятидан далолат беради. Асли Хонзода Муҳаммад ал-Машҳур Курра Ҳожа Атойи ўғли бўлган Исҳоқ шайх XII аср охири XIII асрнинг бошларида яшаб ўтган ислом оламидаги шайхлардан биридир. Ул зот она томондан Яссавий тариқотининг асосчиси бўлмиш улуғ авлиёлардан бири Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг неваралари Гавҳар Шахнозбегимдан туғилган бўлиб, ота тарафдан эса бухоролик Ҳусайн Шайх Атойи авлодларидан бўладилар.

Айтилишича, Исҳоқ Муҳаммаднинг кўзлари ниҳоятда ўткирлиги боис ҳатто ойдаги доғни-да  илғай олиб, ҳужум қилмоққа келадиганларни илгарироқ пайқайдиган, қирларнинг нариги томонида, узоқ саҳрода юрганларни ўтирган ерларидан кўриб-билиб турганлар. Одамларни ҳар хил бало-қазолардан сақлашдек каромат у кишига ғойибдан берилган хусусият ҳисобланади. Кексаларнинг гувоҳлик беришича, босқинчи Чиғатой улуси халқнинг қўй-қўзиларини талаб, одамларни хонавайрон қиларкан. Аммо пири мушруд Исҳоқ отанинг дуолари билан кишиларнинг моллари ўрни тўлиб, босқинчилар эса шикаст топаркан. Бундан ғазабланган Чиғатой лашкарлари маҳаллий халқни ўз измига солиш учун Пирларининг изига тушган. Кўплаб аҳолига зулм ўтказиб, авлиёни топиб беришларини талаб қилган. Бироқ ҳеч бир киши ўлса ўлганки, аммо Пири мушридни сотмаган.  Ҳар куни юзлаб қўй-қўзилар, туя йилқилар ҳайдаб кетилиши билан бирга, ўтовлардаги аёллар ва ҳатто ёш болаларни босқинчилар аёвсиз ўлдириб кетаверган. Бу ҳолдан хабар топган Исҳоқ Муҳаммад босқинчиларга бошини беришга, эвазига маҳаллий халққа зулм ўтказишдан тийилишларини сўрамоққа қарор қилган. Аҳоли яшаш жойидан 100 километрлаб узоқ чўл қўйнидаги Сичан кўлининг юқорисига ўтов тиккан ҳолда ҳассаларини ерга тиқиб, булоқдан сув чиқарган ва жойнамоз устида ўлимини кутиб ўтирганларида, лашкарлар ўтов томонга қараб юрсаки бир ариқ сув оқиб ётибди. Ўтов ёнбошидаги сояда 40 ёшлардаги қирчиллама йигит жойнамоз устида тиловар қилиб ўтирганини кўрган сарбозлар дарҳол уни таниган. Шунда босқинчи сарбозлар отларини сувлатиб, ўзлари ҳам масиқиб ҳар хил қилиқлар билан ўтовни остин-устин қилишсада Исҳоқ Муҳаммад бурилиб ҳам қарамаганлар. Улус лашкарларидан қўрқмай, уларнинг иззати учун ўрнидан турмаган Исҳоқ Муҳаммаднинг бошига ёғий қилич сермаган бўлсада Ҳазратга тиғи ҳатто таъсир ҳам қилмаган. Шундан сўнг лашкарлар тўплашиб, турли тиғли қуроллар билан ҳужум қилиб, ҳазратнинг бошини ғажигандай бир илож қилиб кесиб олишган. Ваҳшийларча бутун чайланинг атрофи қонга беланган. Пирларини қатл этганини маҳаллий халқ билиб қолса ҳужум қилишидан қўрқиб, ёғий тиғли асбоблари билан лаҳад ковлаганларини кўриб турган авлиёнинг боши тилга кириб, “Лаҳад кавлаб овора бўлманглар, жасадимни Пудинага олиб кетиш учун оғам Қусам Муҳаммад келаётир”,-деганлар. Бундай ҳолни кўриб-эшитган сарбозларнинг кўпи қўрқиб ўша заҳотиёқ ўлган, қолганлари отга миниб қочмоққа шайланганида йилқилар оғзидан ўт пуркаб барчаси жаҳаннамга равона бўлган. Бу воқеадан хабар топган халқ душманга қарши курашиб, Исҳоқ Муҳаммаднинг қони тўкилган жойга тиғ кўтариб, зиёратгоҳга айлантирганлар. Қусам шайх эса оғасининг жасадини Пудинага олиб кетган. Шунинг учун ҳам Исҳоқ Муҳаммаднинг қабри иккита, бири шаҳид бўлган жой, иккинчиси эса Қусам шайхнинг мадрасаси ёнида. Ҳамон халқ Пир Исҳоқ Муҳаммад авлиё отанинг шаҳид бўлган жойига мол садақа қилиб, зиёратгоҳни йил сайин обод қилиб бормоқда.

Mavzuga doir  Prezident bir yon-u prokuror bir yon. Solijon Mirzajonovni qanday "sindirishdi"?

Яқин ўтмишда юз берган яна бир воқеани одамлар кўп эслашади. Бу жойга зиёратга борувчилар Худо йўлига эҳсон сифатида танга ва пулларни очиқликда қолдиришади. Кунлардан бир куни бир автобус зиёратчилар бу табаррук масканга бориб-қайтишда уларнинг орасидан бир киши билмаган ҳолда ўша пуллардан олиб чўнтагига солади. Бироқ, тузуккина юриб борган автобус шу дақиқадан бошлаб ўт олмай қолади. Зиёратчилар орасида бу қадамжога бир неча бор ташриф буюрган киши бўлади ва у буни сезиб шерикларини огоҳлантиради. Пул ва тангаларни жойига элтиб қўйишлари билан автобус ўт олади ва улар ўз манзилларига қайтишади. Ана шунақанги ғаройиботлари, кароматлари билан ҳам «Исҳоқ ота» халқимиз ўртасида ўзгача ҳурмат ва эҳтиромга сазовор авлиёлардан саналади.

Кўп сонли аҳоли пири мушрид деб билган Авлиё отанинг қони тўкилган бу табаррук қадамжони  равнақ топтириш учун туман ҳокимининг махсус қарори билан «Исоқ ота» хайрия жамғармаси ташкил этилган. Халқ томонидан ҳашар усулида сағана устига муҳташаб мақбара тикланиб, ён-атрофида зиёрат амалларини бажариш учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилган. Бу жойга қишин-ёзин зиёратга келиб-кетувчиларнинг кети узулмайди. Ўзбекистон-нинг турли гўшаларидан ташқари қўшни Туркманистон Республикаси ва ҳатто бошқа мамлакатлардан ҳам юзлаб сайёҳ зиёратчилар келиб туради. Бу эса халқларимиз ўртасидаги иноқлик, диний ҳамжиҳатликнинг азалий қадрият эканлигидан яққол дарак беради. Тангри инояти билан чўл қўйнида ана шундай қутлуғ зиёратгоҳ вужудга келиб, кўплаб сайёҳларни чорлаётган экан, келажакда бу табаррук қадамжо тағин ҳам сўлим гўшага айланиши турган гап.

Mavzuga doir  ТОШДАГИ СИР-СИНОАТ ЁКИ ШИФОБАХШ «КЎКТОШ» ҲАҚИДА