//ҚИРҚҚИЗ

ҚИРҚҚИЗ

Маржона МАЖИДОВА,

Шаҳрисабз тумани,     

Шўрҳасан қишлоғи

1944 йил, дея ҳикоясини бошлайди 82 ёшли Бибисора момо.  Иккинчи жаҳон уруши бораётган оғир дамлар. Ёзги таътилга қарамай, 5-7 синф ўқувчилари июль ойида ёввойи бодом данагини теришга сафарбар этилди. Худди кечагидай кўз ўнгимда. 25 га яқин ўғил ва қиз болалар кўрпа-тўшакларимизни кўтариб,  ейишга нон олиб, тоғ бағрига отландик. Қисқа вақтда камида 1 тонна аччиқ бодом данагини йиғиб, Яккабоғ ўрмон хўжалигига топширишимиз лозим эди. Бунақа бодом фронтга жуда зарурлигини, бош тортганлар қаттиқ жазоланишини қайта-қайта уқтиришди. Юкларни эшакларга ортиб, Улуғ дара сойидаги Қирққиз манзилига етиб келдик-да, аввало тунаш учун жой ҳозирладик. Ўша куни ишнинг унуми бўлмади. Ахир тик қояларда ўсган дарахтдан мева териш осон эмасди-да.

Кечки пайт. Баҳайбат арчалар ўсган, жануб томони баланд қоя ва тошлар билан ўралган тоғ ён бағри. Иссиқ овқат ҳам, чой ҳам йўқ. Гулхан ёқиш эса мумкин эмас. Чунки қуриган хас-хашакларга ўт тушиб, арчалар ёниб кетиши мумкин. Олиб борган нонларимиздан икки бурдасини булоқ сувига ботириб еб олдик-да, жой тўшаб ётдик…

Анча вақт уйқум келмай ётиб, кўзим сал илинибди. Шунда қулоғимга ўқитувчиларимизнинг овозлари эшитилгандек бўлди. Сўнг жануб томондаги  тоғ бағридан тушаётган тошларнинг ваҳимали шовқин-суронидан, шақир-шуқуридан уйғониб кетдим. Барча оёққа қалқди. Бечора ўқитувчи ва хизматчилар бўлса, бизни тепадан келаётган тошлардан ҳимоя қилмоқчи бўлгандек, атрофимизни ўраб, тикка туришарди. Ҳисобсиз тошлар келаётгандай эди гўё. Аммо улар ҳеч бизга тегмас, ёнимиздан, бошимиз устидан ўтиб пастга думаларди.

Хотин-қиз ўқитувчиларимиз Алмати қишлоғининг “шум”ларини қарғар, эркак ўқитувчиларимиз бўлса, “эй нодонлар, нима қасдинг бор болаларда, қасдинг бўлса кундузи келгин. Эртага барибир кимликларингни аниқлаб, адабларингизни берамиз,”- дея бақиришарди. Каттароқ ўсмирлардан Абдуазиз Юсупов, Суяр Маҳманазаровлар арча шоҳларидан кесиб, милтиқ отаётгандек уларни қасирлатиб, синдиришар, кетмасанглар отиб ташлаймиз,” – дея дўқ уришарди.

Аммо бу таҳдидлар таъсир  қилмади. Шуниси ҳайратланарлики, юзлаб тош юмалаб келаётган бўлса-да, на ўқитувчию, хизматчиларга, на ўқувчиларга шикаст етказарди. Фақат… олатасир ваҳимадан қўрққан  синфдошим Муяссар алаҳсираб, аъзойи бадани қизиб, қалтираб ётиб қолди. – Юрагим куяяпти, сув, сув! – дея ҳадеб такрорларди у.

Mavzuga doir  АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР РАҚАМЛАРДА ҲАМ ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПМОҚДА

Булоқ бор йўғи 8-10 метр нарида бўлсада, сув келтиришга юрак қайда дейсиз. Ниҳоят ўғил болалардан бири боришга  жазм этди. Лекин идишни қоронғуда топа олмайди. Кимдир “бошингдаги қалпоққа олиб кел”- деб буюрди. Бошидаги дўппини ечди-да, югуриб бориб унда сув келтирди. Қўллари қалтирагани учун сувнинг ярми қолганди, холос. Муяссар, шу қолган сувни охирига қадар ичди-да, сўнг уни тутган кишига тамшаниб деди:

-Бу сув эмас. Мен қон ичдим. Оғизларимдан, лабларимдан қон ҳиди келаяпти. Қўлим билан лабларимни артсам, бармоқларим ёпишиб колаяпти.

Буни эшитган болалар баттар ваҳимага тушишди. Шу алфозда ваҳима билан тонг орттирдик… Лекин ваҳимали шақир-шуқур давом этса-да, бирор кишига зарар етмади. Кун ёришиши билан тош кўчиши, думалаш товушлари ўз-ўзидан тўхтади. Атрофни кузатиб, юмалаб келган бирорта тошни, тепага чиқиб одам изларини кўрмагач, ҳайратимиз тағин ҳам ошди.

Қўлимиз ишга бормади. Ўқитувчиларимиз бошчилигида кўрпа-тўшакларни кўтариб орқага қайтдик. Йўлда алматиликлар буғдой ўраётганини учратдик. Воқеа тафсилотларини уларга айтиб беришгач, ўроқчилардан бири кекса мўйсафид Турдиали бобо бироз ўйлаб тургач, у ён-бу ёнларига қараб, паст овозда оҳиста гап бошлади.

-Сизлар томон ҳеч ким тош юмалатмаган. Чунки ўша ердаги тик қояларга ҳеч ким чиқиб бора олмайди. Кечасику бу ўлим билан баробар. Ҳатто кундузи ҳам чиқиб бориш, юриш ҳар қандай одамнинг қўлидан келмайди. Бу гапларни эшитган болалар яна ваҳимага тушар, бир-бирларига алаҳсиб қарар, гоҳ кекса мўйсафиддан, гоҳ ўқитувчиларимиздан кўз узмасдик.  Киприкларимиз ҳам қимир этмасди.

Ўқитувчиларимиздан бири Санам Муродова: – Бўлмаса, ким деб ўйлайсиз деган саволни берди.

Турдиали бобо бироз ўйланиб қолди. Жавоб беришдан қўрққандай кўринарди. Чунки ўша йилларда эҳтиётсизлик билан айтилган  бир оғиз  сўз учун “диндор” ёки “хурофотчи” дея қамалишинг  ҳеч  гап эмасди-да. Охири у айтишга қарор қилди.

…Бу воқеа қадим-қадимда бўлган ҳақиқат. Улуғ дара суви  узоқдан гўё сутдек тиниқ кўринади. Шаршаралардан оқиб, тошдан-тошга  урилиб оқаётган сув бамисоли сутга ўхшарди. Ҳар қандай киши ҳам бир ювинишни истайди. Улуғ дара суви  мисоли сутдек оқаётганлигини эшитган хоннинг қизи 39 та канизаги билан сайрга келади. Улар бу манзарани кўриб, эшитганидан ҳам  ортиқ эканлигига иқрор бўлишади.  Улуғ дара сувига ювиниб, завқланиб дам олишади. Ниҳоятда шодланиб қайтаётганларида бир гуруҳ отлиқларга дуч келишади. Отлиқлар бу хушрўй қизларга кўзлари тушган ҳамоноқ, уларни тутиб асира қилиш тараддудига тушадилар. 40 нафар қиз Улуғ дарадаги чангалзорга қочиб яширинадилар. Ёғийлар тобора яқинлашиб кела бошлайди. Шунда қизлар Аллоҳга илтижо қиладилар:

Mavzuga doir  Toshkentda qizg‘aldoq ko‘rinishidagi yoritgichlar paydo bo‘ldi (foto)

-Эй Тангрим, бизларни ёғий қўлига тушиб, шармисор бўлишдан ўзинг асра, сендан бўлак паноҳимиз йўқ.

Дарҳақиқат, ёғийлар чангалзорни тит-пит қилсаларда, қизларни тополмайдилар. Аллоҳнинг қудрати билан 40 қиз шу ерда ғойиб бўлади. Тош юмалатганлар ўша қизларнинг безовта бўлган руҳлари. Сизлар ўша ерларни оёқости қилгансизлар… Лекин бу гапларни бирорта кишига  айтманг, бошим балога қолади,-деб қайта-қайта тайинлади.

Табиийки, Турдиали бобонинг гапига бирортамиз ҳам ишонмадик. Қишлоққа қайтишда давом этдик. Йўлда мактаб директори Бобоёр Элмуродов, ўрмон хўжалигининг бошлиғи Юсуф Муродовлар орқага қайтишга мажбур қилишди. “Давлатга армия учун бодом уруғини етказиб  беришга мажбурмиз. Ҳукумат топшириғини бажармаганлар қамалади”,- деган гапларни айтаркан, дағ-даға билан от қамчиларини ҳавода ўйнатди. Фақатгина Муяссарни мактаб ишчи-хизматчиларидан  бири уйга олиб кетди. Биз ортга қайтиб, кўрпа-тўшакларни Қирққиздан анча узоқ жойга  туширдик. Тинмай ишлаб, бир ҳафтада бир тонна бодом териб топширдик. Лекин минг машаққат билан теришга эришдик. Бодом данаги тош қоялар ичига тушиб кетар, тикан, шох-шаббалар орасига тушиб кетсада, бармоқларимиз тикан зирапчаларига тегиб қон оқсада, уларни териб олишдан бошқа иложимиз йўқ эди.

Уйга қайтаётганда, Муяссарнинг  икки кун касал бўлиб ётиб, вафот  этганини эшитгач, унга ҳамма ачинди. Синфдошлар хонадонига бориб, таъзия изҳор этдик. Унинг онаизори Тожиой ая эса ҳар йили бодом гуллаганда дил яраси янгиланадиган бўлганлигини кўп марта эшитганмиз.

Юқоридаги фикрларни марҳума ўқитувчи аёллардан Санам Муродова, Маҳтар Маҳматқуловалар  айрим давраларда бир неча бор айтганларини шогирдлари эслашади.

Ҳозирда Вардон қишлоғида яшаётган 82 ёшлик Бибисора момо томонидан айтилган тарихий ҳикоянинг Шўрҳасан қишлоғида яшаётган тенгдоши Кимё Жабборова ҳам гувоҳи бўлганлигини тасдиқлаб, ўша машъум кунлар қайтиб келмаслигини Аллоҳдан илтижо қилишарди.

Дарҳақиқат, Қирққиздаги бу сир-синоатлар ҳақида ривоятлар, ҳикоялар жуда кўп. Масалан, 57 ёшли Тўйчи бобо Муродовнинг айтишича, бир гал бригадирнинг топшириғи билан  Қирққиз яқинидаги дала ариғини қазишга боришади.

Mavzuga doir  ЕТТИ ҚИЗ FОРИ Ёхуд ундаги ҳикмат

-Тушликда белқарсдаги нонларни олиб дастурхон устига қўйдик,- эслайди Тўйчи ака. – Нонни бурдалаб, булоқ сувига  ботириб  еяётгандик, бирдан сув камая бошлади. Сал ўтмай қуриб қолди. Ҳаммамиз таажжубда, бир-биримизга қарадик. Улуғ дарада оқаётган  сув бўйига бориб тушлик қилишга тўғри келди. Беш кишидан энг ёши мен  бўлганлигим учун бироздан сўнг булоқдан оқаётган  сувдан  хабар олишга жўнатишди. Бориб не кўз билан кўрайки, булоқдан сув эмас, озроқ  қон оқаяпти. Кўзларимга ишонмай бироз қараб тургач, орқага қайтиб, ҳовлиқиб, гапларимнинг учини йўқотиб бошқаларга айтиб бердим. Улар ишонишмагач, бешаламиз бирга қайтдик.  Саттор Авлаев (ҳозир марҳум) энг олдинда келарди. Булоқдан чиқаётган қоннинг кўпайганини кўриб биздан анча катта ёшли бўлган Саттор ака булоқ бўйига ўтириб қуръон оятларидан тиловат қилди ва қирққизлар руҳига бағишлаб тавба-тазарру келтирди. “Бешовимиздан бировимиз шаккоклик қилган бўлсак узримизни қабул этинглар,”- дея ёлворди.

Икки кўзим булоқ сувида. Бошқалар ҳам булоқдан кўзини узмайди… Орадан кўп вақт ўтмай, булоқдан чиқаётган қон аста-секин сувга айлана бошлади. Икки –уч дақиқа ўтиб, булоқ аввалги ҳолига қайтиб, зилол сувга тўлди.

Бу сирли ҳодиса ҳақида кўп кишилардан сўрадим. Уларнинг   жавобига кўра, бешовимиздан биримиз нопок эканмиз. Қирққизлар  ҳур ва бокираликлари туфайли нопокларни ёқтирмас, бундай одам яқинлашса  руҳлари безовта бўларкан.

Қирққиз булоғининг атрофида  қучоққа сиғмайдиган баланд бўйли, гўё тоғ билан тенглашадиган бир неча арчалар  қад кўтарган. Ёзнинг энг иссиқ пайтида ёқимли шабадаси, соя-салқинлиги туфайли ёзлик кийимда бўлса ҳам эти жунжикиб кетади кишининг. Улуғ даранинг сутдек тиниқ сувию, атрофини ўраган кўм-кўк  майсаларини Қора денгиз бўйидаги курорт ва санаторийларга таққослашади. Бир кунлик яхши ҳордиқ, бир йиллик чарчаган, ҳориган дамлардан  фориғ этади. Асаблар тинчланади, ўзини қушдек енгил ҳис этади одам.

Сир-синоатга тўла ҳикоялар ҳақида кўп ўйладим. Ахир “Қирққиз”лар ҳақида бундай ҳикоялар сон-саноқсиз. Бир нарса аниқки, улар ҳамон одамларни покликка чорлашда давом этаяпти.