//ПОЛВОНЛАР ЮРТИ

ПОЛВОНЛАР ЮРТИ

Қашқдарё полвонлар юрти. Бу ерда ўсиб ўлғайган фарзанд борки, ҳаммасининг қонида мардлик, жасурлик тўғри сўзлилик жўш ўриб туради. Қатнашаётган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритмасдан қайтмайдилар. Ҳеч бўлмаганда учинчи ўринни бўлса ҳам олиб қайтадилар. Биргина мисол. Эсингизда бўлса, 2015 йилда Жанубий Кореянинг Чунгжу шаҳрида Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивали бўлиб ўтган эди. Унда ўзбек жанг санъати усталари орасида қашқадарёлик спортчилар ҳам муносиб иштирок этиб, якунда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Мамлакат терма жамоаси сафида тўрт нафар қашқадарёлик вакиллар – М. Раҳмиддинов, Шермуҳаммад Ёрбўтаев, Нуржаҳон  Темиров, Мағзуна Қудратова  юрт шарафини муносиб ҳимоя қилишди ва барчаси олтин медални қўлга киритиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллашди.

-Фестивалда ўттиздан зиёд давлатдан келган элликка яқин жамоа ғолиблик учун баҳс олиб борган эди.- дейди Миржаҳон Раҳмиддинов,- Фестивалда ўзбек жанг санъати усталари “Ватан”, “Истиқлол”, “Амир Темур”, “Мустақил Ўзбекистон” сингари қатор  комплекс машқларни намойиш этишди. Маълумки, аввалги мусобақаларда иштирокчилар фақат кўргазмали чиқишлари билан қатнашган бўлса, ушбу фестивалда шу билан бир қаторда иштирокчилар ўртасида беллашувлар ҳам ўтказилди. Ушбу баҳсларда ҳам вилоятимиз спортчилари совриндорлар сафидан жой олишди.

Кўзлари чақнаб турган, ўн уч ёшли мусобақа ғолибаси Мағзуна Қудратованинг қатъийлигида, мусобақада қўлга киритган натижаларида Тўмарис жасоратини кўриш мумкин.

– Ёшлигидан спортга меҳри тушди, олти ёшида уни ўзбек жанг санъати спорт тўгарагига олиб бордим, – дейди Мағзунанинг отаси Давлат Раҳимов. – Ҳозирда қизим уч карра мамлакат чемпиони, 1 – ДАН қора белбоғ соҳибаси, спорт усталигига номзод… Мана, халқаро мусобақада ҳам эътироф этилди. Ҳали ёш бўлишига қарамай, арзирли натижаларга эришаётганидан жуда мамнунман.

Ўзбек жанг санъати спорти тарих, миллий қадриятларини ривожлантириш, уни кенг ёйишга, энг муҳими, фарзандларни соғлом этиб тарбиялашга хизмат қилади. Эътиборлиси, кундан кунга бу спортга қизиқувчи ёшлар сафи ортиб бормоқда. Айни пайтда вилоятда бир ярим минг нафардан ортиқ ёшлар ўзбек жанг санъати спорти билан шуғулланаяпти.